«SOLA» оператори томонидан Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида 45 мингта Wi-Fiдан фойдаланиш нуқталарини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда ЎзА сайти хабар бермоқда.
Мамлакатимизда янги Wi-Fi операторининг ишга туширилиши бўйича ташкил этилган тантанали маросимни «Asia Wireless Group» МЧЖ раҳбари Бекзод Аҳмедов очиб бериб, Тошкент Марказий Осиёдаги интернет тармоғига симсиз кенг полосали уланадиган шаҳар тармоғига эга илк шаҳар бўлишини қайд этди. Айни пайтда пойтахтимизда «SOLA» оператори томонидан ташкил этилган 1200 Wi-Fiдан фойдаланиш ҳудудлари фаолият юритмоқда. Келаси йил баҳоргача уларнинг сони беш мингтага етади.
«SOLA» оператори тизими томонидан интернет тармоғига уланишнинг икки хил – пуллик ва бепул турини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Реклама роликини томоша қилгандан сўнггина ундан бепул фойдаланиш имконияти тақдим этилади. Пуллик тарифлар трафик бўйича чекловларсиз ишлайди ҳамда ўта қулайлиги билан ажралиб туради. Бунда абонентга соатлик, кунлик, ҳафталик ёки ойлик обуна таклиф этилади.
Тошкентда янги Wi-Fi тармоғининг ривожланиши унинг сайёҳлар олдидаги жозибадорлигига ҳам таъсир кўрсатади. Пойтахт меҳмонлари исталган пайтда интернетдан фойдаланиш, қариндошлари билан боғланиш, Ўзбекистон, маҳаллий аҳоли урф-одатлари ва анъаналари ҳақида қўшимча маълумот олиш имконига эга бўладилар.
– Бугунги кунда умумфойдаланиладиган Wi-Fi тармоқлари мегаполисларни ривожлантиришнинг муҳим шартларидан биридир, – дейди «Asia Wireless Group» МЧЖ раҳбари Бекзод Аҳмедов. – Улар замонавий АКТни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади, улар негизида юқори технологияли ишлаб чиқариш ва маҳсулотлар ташкил этилади. Ҳозирги кунда «SOLA» оператори томонидан Тошкент шаҳрининг Жанубий ва Шимолий вокзали, «Megaplanet», «Parus», «Samarqand Darvoza» ва «Vega Centre» савдо марказлари, бешта бозор сингари аҳоли гавжум жойлар қамраб олинган. Ушбу ҳудудлар тармоққа уланиш бўйича келиб тушадиган талабларга кўра, мунтазам кенгайтириб борилади. Яқин орада Ўзбекистоннинг сайёҳлик шаҳарларида Wi-Fi тармоқларини ўрнатишни режалаштирмоқдамиз.
Универсаллик ва қулайлик «SOLA» операторининг фарқли жиҳатларидан саналади. Энди абонент учун уйга, кўчага ва офисга интернет тармоғидан фойдаланиш учун учта турли провайдер ҳисобига тўловни амалга оширишга ҳожат қолмайди. Чунки абонент Wi-Fi тармоғи ҳудуди қамровидаги шаҳарнинг исталган жойида чексиз, сифатли трафикдан фойдаланиш имконига эга бўлади.
Янги Wi-Fi операторининг техник имкониятларидан маҳаллий мобиль операторлар ҳам фойдаланиши мумкин. Бундай ҳамкорлик маълумот узатиш бўйича тармоқлардаги вазифалар доирасини камайтириш, қамраб олиш билан боғлиқ харажатларни қисқартириш ҳамда хизматлар сифатини яхшилашга ёрдам беради.
«SOLA» оператори келгусида пойтахтимиздаги Wi-Fi тармоғини кенгайтириш ҳамда Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Бухоро, Навоий, Урганч ва Қаршида 45 мингта Wi-Fiдан фойдаланиш нуқталарини очишни режалаштирмоқда.